Ўзбекистон ва Саудия консуллик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқаётгани маълум бўлди
2025 йил 23 декабрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони ўртасида консуллик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев раҳбарлик қилди. Саудия томонидан эса ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Иҳаб бин Муҳаммад Ал-Нажжар иштирок этди.
Бу икки давлат ўртасидаги консуллик маслаҳатлашувларининг илк давраси сифатида тарихга кирди. Музокаралар жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ушлаб туриш, вақтинча сақлаш ёки депортация қилиниши мумкин бўлган ҳолатларда томонларнинг ўзаро тезкор хабардор этиш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, фуқароларнинг ҳужжатларини ўзаро тан олиш, апостил тизимини жорий этиш ҳамда миграция ва консуллик хизматларини рақамлаштириш йўналишларида тажриба алмашиш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Бу эса икки давлат фуқаролари учун маъмурий жараёнларни енгиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳим янгиликлардан яна бири — Саудия Арабистонида хорижий фуқаролар учун ишлаб чиқилаётган янги рақамли платформани Ўзбекистон амалиётида ҳам татбиқ этиш бўйича келишувга эришилганидир. Ушбу тизим орқали хорижда бўлган фуқароларнинг муаммолари олдиндан аниқланиб, уларни тез ва самарали ҳал этиш имконияти яратилади.
Учрашув якунида томонлар консуллик маслаҳатлашувларининг иккинчи даврасини Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олди. Бу эса Ўзбекистон–Саудия муносабатларининг изчил ривожланаётганидан, амалий ҳамкорлик эса янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
