ДПС ходимларини ҳақорат қилган андижонлик жазоланди
Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати маълумотига кўра, Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро ижтимоий тармоқда ходимлар томонидан тайёрланган видеороликни кўриб, салбий изоҳ қолдирган. Бу ҳақда Upl.uz хабар беради.
У ўз изоҳида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига нисбатан номақбул ифодаларни ишлатган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланган.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг «Майда безорилик» моддаси бўйича маъмурий баённома тузилиб, иш Пахтаобод туман жиноят ишлари бўйича судига юборилган. Суд қарорига кўра, фуқаро айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
