Хорижликлар ўзбек сўмини ёқиб, оловида тамаки тутатишгани маълум бўлди
Ижтимоий тармоқларда хорижлик фуқаролар томонидан Ўзбекистон миллий валютаси — сўмга нисбатан ҳурматсиз муносабат акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кадрларда айрим шахслар 2 минг сўмлик банкнотни оловга тутиб, ундан сигарет ёқиб, кулиб тургани тасвирланган.
Маълум бўлишича, ушбу видео WeChat ижтимоий тармоғида «Кичик Се» номли аккаунт орқали тарқатилган. Kun.uz манбасининг хабар беришича, видеода акс этган шахслар Тошкент вилоятида жойлашган корхоналардан бирида фаолият юритаётган хитойлик ишчилар ҳисобланади.
Кадрларда миллий валютага нисбатан бундай муносабат фойдаланувчилар ўртасида кескин норозилик уйғотди. Кўплаб фуқаролар бу ҳаракатни нафақат ахлоқий жиҳатдан қабул қилиб бўлмас, балки қонунга зид деб баҳоламоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, давлат рамзларига ҳурматсизлик жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Жиноят кодексининг 215-моддасида Ўзбекистон ёки Қорақалпоғистон Республикасининг давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш учун жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари каби жазо чоралари белгиланган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон миллий валютасида давлат герби рамзи акс этган бўлиб, унга нисбатан бундай муносабат қонун доирасида алоҳида баҳоланади. Айни ҳолат бўйича мутасадди идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Жамоатчилик эса ушбу ҳолатга нисбатан аниқ ва қатъий чоралар кўрилишини талаб қилмоқда. Бу каби ҳаракатлар нафақат миллий қадриятларга, балки мамлакат қонунларига ҳам ҳурматсизлик сифатида баҳоланмоқда.
