Наманганда салкам 1,2 млрд. сўмлик жарималар ундирилди
Амалдаги қонунчиликка кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича транспорт воситаларини жарима солиш ҳақидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун ичида тўлаб қўйиш қатъий белгиланган.
Агар ана шу давр мобайнида белгиланган жарима тўланмаса, тўпланган ҳужжатлар Мажбурийижро бюроси органларига юборилади.
Бюро органларига келиб тушган ҳар бир ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида қарор қабул қилиниб, давлат ижрочиси томонидан қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда. Айнан Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторларидан иборат Ишчи гуруҳлар Наманган шаҳри ва туманлар марказий кўчалари, назорат масканларида фаолият олиб бормоқда. Биргина, жорий йилнинг 20-25 ноябрь кунларида 5 та Ишчи гуруҳ томонидан 9 та худудда тадбирлар олиб борилди. Тадбирлар давомида 3 245 та ҳужжатлар ижроси таъминланиб, салкам 1,2 млрд. сўм жарима ундирилди. Бундан ташқари ҳуқуқбузарлик содир этган 1 345 нафар ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилди.
Бу каби тадбирлар давом этмоқда.
МИБ Наманган вилояти бошқармаси
