Қўқонда толибалар ётоқхонасига камера ўрнатилишига бош қўшган институт ходимлари жаримага тортилди
Хабарномага мувофиқ, Қўқон шаҳар судининг 5 майдаги қарори билан мазкур институтнинг биринчи проректори О. Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ҳамда унга нисбатан БҲМнинг ўн беш баравари миқдорида (4 миллион 500 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
Суд қарори билан юқоридаги қайд этилган модда бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган таълим технологиялари маркази ходимлари А. М., Б. О. ва бўлим бошлиғи Р. М.нинг ҳар бирига БҲМнинг ўн баравари миқдорида (3 миллион сўмдан) жарима солинган.
Қўқондаги педагогика институтида ўқийдиган талаба қизлар ётоқхонасидаги хоналардан бирига яширин видеокузатув камераси ўрнатилгани ва бу толибаларнинг эътирозига сабаб бўлгани ҳақида Озодлик апрель ойи бошида хабар қилган эди.
Мазкур ҳодиса жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги пединститутда бу ишга бевосита масъул бўлган проректор дохил тўрт нафар ходим ишдан бўшатилганини эълон қилган.
