21 май куни “Мен ғолиб” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади
21 май куни Тошкентда Ўзбекистон Қуролли кучлари ва куч ишлатар тузилмалар вакиллари, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, профессионал спортчилар ва спорт ҳаваскорлари иштирокида “Мен ғолиб” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Оммавий югуриш мусобақаси Енгил атлетика федерацияси, бош ҳамкор – “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан, Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида ташкил қилинмоқда. Тадбирга рўйхатдан ўтиш “Ҳумо Арена” спорт мажмуасининг майдонида 5:30 да бошланади, 6:30 да эса старт берилади.
“Мен ғолиб” ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси анъанавий равишда муҳим давлат саналари – Ватан ҳимоячилари куни, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга бағишланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва куч ишлатар тузилмалар орасида шоссели югуриш бўйича Ўзбекистон чемпионатини ўтказиш доирасида ташкил этилади.
Мусобақалар яккалик ва жамоавий биринчиликда ўтказилади. Ушбу спорт тадбири илк маротаба 1700 га яқин иштирокчини бирлаштиради. Югуриш спорт тури ҳаваскорлари учун ташкилотчилар томонидан оммавий югуриш мусобақасида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди. Югурувчилар ўз кучларини иккита масофада – 10,5 км ва 3 км масофаларда синаб кўришлари мумкин. Белгиланган вақт ичида масофани босиб ўтган “Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақасининг барча иштирокчиларига финишчи медаллари топширилади. 10,5 км масофа учун белгиланган вақт лимити 1 соату 20 дақиқани ташкил қилади.
“Мен ғолиб” кубогини қўлга киритиш учун жамоавий биринчиликда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент хавфсизлиги давлат хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура вакилларидан иборат 8 та жамоа кураш олиб боради. Шунингдек, Қуролли кучлар академияси, Жамоатчилик хавфсизлиги университети, ИИВ академияси, ФВВ вазирлиги, ДХХ академияси ва ДСҚ институти, куч ишлатар тузилмаларнинг ўқув юртлари курсантларидан шакллантирилган 6 та жамоа орасида ҳам кубок ўйналади.
Иштирокчиларнинг старт пакетлари 19-20 май кунлари Енгил атлетика федерациясида (Ислом Каримов кўчаси, 98, мўлжал – Пахтакор стадиони манзилида) тақдим этилади. Иштирокчи пакетидан чипли кўкрак старт рақами (1 дона), рюкзак, кепка, футболка ўрин олган.
