Боткенда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари чегара масаласини муҳокама қилишди
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати маълумотига кўра, 25 апрелдан 29 апрелгача ҳукумат делегациялари уч давлат ўртасидаги давлат чегараларининг туташ нуқталарини аниқлаш масаласини муҳокама қилишган.
Бу масалага оид кейинги учрашув Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтиши маълум қилинган, бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 1314 километрга узанган. 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент ва Бишкек чегаралар бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсга нуқта қўйишганини эълон қилган. Давлат чегараси ва Кампиробод сув омбори бўйича шартномалар икки мамлакат парламентлари томонидан маъқулланиши ортидан президентлар мазкур ҳужжатларни имзолаганлар. Ўшанда томонлар давлат чегарасининг қолган 15 фоизи ёки 312 километри тўғрисида муросага келишгани айтилган.
Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегараси эса 1332,9 километрни ташкил қилиб, икки давлат чегараси бўйича демаркация ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Ўзбек-тожик демаркация комиссияси ишчи гуруҳининг сўнгги учрашуви жорий йилнинг 10 апрелидан 16 апрелигача Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган эди.
