Тбилисида норозилар яна полиция билан тўқнашди (ВИДЕО)
7 март куни ҳам полиция ва норозилар тўқнашган эди. Полиция намойишчиларни кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичлар воситасида тарқатган. 8 март куни ҳам полиция ҳудди шундай воситаларни қўллади.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили норозиларни қўллашини билдириб, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга вето қўйишини билдирди.
АҚШ ва Европа Иттифоқи мазкур қонуннинг қабул қилинишини қоралади ва Тбилиси ҳукуматини аҳолининг тинч норозилик акцияларини ўтказиш ҳуқуқини таъминлашга чақирди.
Сўнгги хабарларда айтилишича, полиция норозиларни парламент биноси олдидан суриб чиқишга муваффақ бўлган. Бироқ парламент атрофидаги кўчаларда норозилар ҳамон қолмоқда.
Paper Kartuli нашрининг ёзишича, намойишда камида ўн минг киши иштирок этмоқда. Бошқа нашрлар эса бир неча ўн минг киши ҳақида ёзмоқда.
Тбилисидаги норозилик чиқишларига сабаб бўлган қонун лойиҳаси сешанба куни биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, лойиҳани 150 депутатдан 76 нафари ёқлаган, 13 киши қарши чиққан, 61 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.
