Бишкекда Садир Жапаров президент ўлароқ қасамёдга келтирилди
Инаугурацияга мингдан зиёд меҳмон чақирилган. Аввалроқ президент аппарати вакиллари маросимга жамоат, фан ва маданият арбоблари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ҳамда оддий фуқаролар таклиф қилинганини билдирган. Меҳмонлар орасида хорижликлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳам бор.
Садир Жапаров маросимда қасамёдга келтирилганидан кейин сўзлаган нутқида Қирғизистонни иқтисодий жиҳатдан ривожланган, кучли, эркин, инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган, қонун устувор бўлган, ёшлари келажакка умид билан қарайдиган мамлакат сифатида кўришни орзу қилишини билдирган.
Янги президент бошқа мамлакатлар билан ўзаро муносабатлар масаласига ҳам тўхталиб, пандемия чоғида Қирғизистонга кўмак берган барчага миннатдорчилик изҳор қилган ва ўз мамлакати ташқи сиёсатда кўп йўналишлиликка риоя қилиш ҳамда халқаро мажбуриятларини бажариб боришини қайд этган.
Қирғизистонда шу йил 10 январь куни бўлиб ўтган президент сайловида, МСК маълумотига кўра, Садир Жапаров 17 нафар номзод орасида 79 фоиздан зиёд овоз йиғиб, сайлов ғолиби деб топилган.
Ўша пайтда овоз бериш жараёнини кузатган халқаро кузатувчилар Қирғизистонда “яхши ташкил этилган” президент сайловида номзодлар учун бир хил шарт-шароит яратилмаганини танқид қилганлар.
