Москва прокуратураси уйдирилган айблов билан жавобгарликка тортилган журналистдан узр сўради
Москва шаҳрининг Ғарбий тумани прокуратураси суриштирув журналисти Иван Голуновдан ноқонуний тергов қилингани учун узр сўради.
“Москва шаҳри Ғарбий маъмурий туманининг прокуратураси журналист Иван Голунов асоссиз жиноий тергов қилингани юзасидан унга расмий узрнома юборди”, дея маълум қилди прокуратура.
Латвияда жойлашган “Медуза” нашрининг суриштирув журналисти бўлиб ишлаган Голунов ўтган йилнинг июнида гиёҳванд моддаларни сотишга уринишда айбланиб, қўлга олинган эди.
Голуновга қўйилган айбловлар кейинчалик бекор қилинди ва уни қўлга олган полиция ходимлари ўтган ҳафтада ҳибсга олинди.
Январь ойида Голунов бош прокурор Игор Красновга асоссиз қамалгани учун ҳеч ким ундан узр сўрамаганни айтиб, шикоят мактубини юборган эди.
5 февраль куни “Интерфакс” агентлиги Голунов ҳеч қанақа узрнома олмаганини айтганини хабар қилди.