Хитойда коронавирусни юқтириб олганлар сони 24 минг кишидан ошиб кетди
Хитойда янги турдаги 2019-nCoV коронавируси билан касалланганлар сони 24,3 мингга етди. Касаллик оқибатида вафот этганлар эса 490 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, 4 февраль куни шифокорлар касалликка чалинган яна 3 887 кишини аниқлаган бўлиб, уларнинг аксарияти Хубер провинциясидан. Бундан ташқари, ўтган бир кун ичида минтақада 65 киши вафот этган.
Жами 3 219 киши оғир аҳволда эканлиги айтилмоқда, 862 нафар бемор эса тўлиқ даволаниб, шифохонадан рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, 3 февраль ҳолатига кўра, Хитойда 17 238 нафар кишида коронавирус аниқланиб, умумий ҳисобда 361 киши вафот этган. Бу атипик пневмония қурбонлари сонидан ҳам кўпроқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, Хитойда 2002—2003 йилларда тарқалган атипик пневмония 349 кишини ҳаётига нуқта қўйган.
Аввалроқ 4 февраль куни Хитойдан 250 нафар ўзбекистонлик олиб келингани ҳақида хабар берилган эди.
daryo.uz
