Францияда пенсия реформасига қарши умумиллий иш ташлаш бошланди
Францияда кейинги йилларда кузатилган энг йирик иш ташлашда транспорт ходимларидан ташқари ўқитувчи ва врачлар ҳам қатнашмоқда. Иш ташловчилар президент Макроннинг пенсия ислоҳотларига норозилик билдирмоқда.
Президент Макрон мамлакатда универсал пенсия тизими жорий қилмоқчи. Бу реформа айрим касб эгаларининг катта нафақа билан белгиланган ëшдан олдинроқ пенсияга чиқишига барҳам беришни кўзда тутади.
Иш ташлашни уюштирган касаба уюшмалари бу ўзгариш миллионлаб ишчининг пенсия ëшидан кейин ҳам ишлаш ëки қисқартирилган пенсияга кўнишга мажбурлашини айтмоқда. Францияда пенсия ëши 62 қилиб белгиланган.
Ҳукумат тахминича¸ мамлакат бўйлаб пенсия реформасига қарши 250 ка яқин норозилик чиқишлари бўлади. Улардан айримларининг зўравонликка айланиш эҳтимоли борлиги айтилмоқда.
Биргина пойтахт Парижда намойишларнинг тинч ўтишини таъминлаш мақсадида 6000 дан кўпроқ хавфсизлик кучлари сафарбар қилинди.
1995 йили пенсия реформаларига қарши бошланган иш ташлаш уч ҳафта давом этган ва ҳукумат ўз қарорини ўзгартиришга мажбур бўлган эди.
