Президент танқид қилган Самарқанддаги машҳур «SINO» заводи «ноль» қийматда сотилади
Самарқанд шаҳридаги машҳур «SINO» заводи «ноль» қийматда сотилади. Бу ҳақда Республика Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ўз сайтида маълум қилди. Манбада айтилишича, узоқ йиллик тарихга эга «SINO» заводини сотиб олмоқчи бўлганлар камида 15 миллион доллар инвестиция киритиши керак.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 январдаги «Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4090-сон қарорига мувофиқ «SINO» акциядорлик жамияти давлат акциялари пакетини (88,8 %) инвесторларга танлов асосида «ноль» харид қиймати бўйича корхонанинг кредиторлар олдидаги қарзини тўлаш билан бир вақтда корхонанинг фаолиятини соғломлаштириш учун инвестициялар киритиш шарти билан бериш бўйича танлов эълон қилинади»,- дейилади хабарда.
Талабгорларнинг таклифлари билдирилган конвертларнинг бир нусхаси 2019 йил 24 июль куни, соат 10:00 да Самарқанд вилоят ҳокимиятида очилади. Танлов савдоси шу куни бўлиб ўтмаган тақдирда такрорий танлов савдолари ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари, соат 10:00 да вилоят ҳокимлигида худудий танлов комиссияси томонидан ўтказилади.
Самарқанд шаҳар Спитамен кўчасида жойлашган «SINO» заводи 1974 йилда фаолиятини бошлаган ва узоқ вавт шаҳардаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиб келган. Асосан музлатгич ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган бу завод йилига 250 минг дона маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
«SINO»да «Помир», «Снежинка», «Самарқанд», «SINO» номли совутгичлар ишлаб чиқарилиб, Польша, Хитой, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинган. 2009-10 йилларда «SINO»га Жанубий Кореянинг «LG» корхонаси умумий 10,9 миллион АҚШ доллар миқдорида инвестиция киритган. Айнан 2010 йилгача (Artel пайдо бўлгунига қадар) «SINO» мамлакатда музлатгич ишлаб чиқариш бўйича монопол бўлган.
Жорий йил аввалида Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида «SINO» ҳақида гапирганди: «Самарқандда қайси завод бор? Битта «SINO» бор. У ҳам 76 миллиард сўм қарзга ботиб, бўшаб ётибди. Инвесторга бепул бўлса ҳам беринглар деб қўл қўйишга мажбур бўлдим, ишлатса бўлди. «Ноль» қиймат бўйича олиб, ишлатиб, одамларга ойлик тўласа бўлди»,- дегани Шавкат Мирзиёев.
Таъкидлаш жоиз, 2018 йил августда банкрот деб эълон қилинган «SINO» заводининг собиқ раҳбарига нисбатан жиноий иш очилгани айтилганди.
