Уралдаги касалхонада 1 яшар гўдакни муддати ўтган дори билан даволашди…
Уралдаги касалхоналардан бирининг юқумли хасталиклар бўлимига 2018 йили туғилган қизалоқни онаси билан бирга ётқизишганди. Қизалоқнинг иситмаси баланд эди. Врачлар унга онасининг кўз ўнгида 2016 йили яроқлилик муддати тугаган доридан шприцга тортиб, укол қила бошлашди. Эртаси куни ҳам бу ҳолат такрорланди. Қизалоқнинг онаси негадир кўнгли ғаш тортиб, дори қутичасини аста текшириб кўрди. Не кўз билан кўрсинки, бу дориларнинг яроқлилик муддати аллақачон тугаган экан. Ими-жимида қутичани суратга олиб прокуратурага мурожаат этди. Прокурорлар ўша куниёқ текширувни бошлашди. Ҳозирги пайтда Свердловск вилоят прокуратураси ходимлари текширувларни давом эттиришмоқда. Она-бола эса бошқа касалхонага ўтказилган.