Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказилди
-Хитой Халқ Республикасида этник озчиликларга, жумладан, қирғизларга нисбатан зўравонликлар ва босимлар бўлаётгани тўғрисда хабарлар пайдо бўлмоқда. Биз зўравонликлар тўхтатилишини, этник озчиликлар нега қамоқларга ташланаётганига изоҳ берилишини талаб қиламиз,-деб талаб қилишди фаоллар.
Норозилар «Хитой фашизмига йўл йўқ», «Жаҳон халқлари ёвузликка қарши» каби шиорларни кўтариб олишган эди.
Норозилар, шунингдек, Қирғизистон ҳукуматидан мамлакатда ноқонуний яшаётган хитойликларни ва бошқа хорижликларни аниқлаб, уларни 30 кун ичида Қирғизистондан чиқариб юборишни талаб қилмоқда.
6 декабрь куни шу каби намойиш БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси олдида ҳам ўтказилган эди.
БМТнинг август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани аниқланган. Хитой бу маълумотларни инкор қилиб келмоқда.
