Суд аёлни ечинишга мажбур қилган ички ишлар ходимига жазо тайинлади
2018 йил 21 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида судланувчи Санъат Умаров (1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев томонидан кўриб чиқилди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, С. Умаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми "а", "з" бандларида ва 241-1 моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда (этишда) айбдор деб топди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди С. Умаровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) моддаси тартибида 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.
Шунингдек, суд томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
Азиз Обидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди расмий вакили
