Безгак чивини. Wikipedia.org сайтидан олинган Jim Gathany фотосурати
Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) мурожаат қилиб, мамлакат ҳудудида безгак чивини касаллиги бутунлай тугатилганини расман тасдиқлашини сўради. Бу ҳақда ЖССТ 2018 йил безгак тўғрисидаги Бутун жаҳон ҳисоботида маълум қилинмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон безгакдан касалланиш даражасини пасайтириш мақсадида халқаро ташкилотларнинг грантларидан фойдаланган. Мисол учун, 2006 йилда республика ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш бўйича Халқаро Глобал фонд томонидан тақдим этилган 12,2 млн доллар маблағни ўзлаштирди, ундан $1,3 млн безгакнинг тарқалишига қарши кураш учун йўналтирилди.
Нью-Йоркда 2015 йил сентябрда ўтган БМТнинг барқарор ривожланиш бўйича саммитида сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов республикада 2013 йилдан бери бирор марта ҳам безгак билан касалланиш қайд этилмаганини билдирганди.
Шу билан бирга, республика соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа йўналишлардаги аҳволи жуда ҳам зўр эмас. Мисол учун, жорий йилнинг ноябрида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн мамлакатда болалар ўлими даражаси аҳволини “номақбул” деб атаган.
“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги