Яна «катта окахон»ми? Ўзбекистонда Бош прокуратура каримовчи МХХ ўрнини боса оладими?
Рашид Қодиров. Catoday.org сайти фотоси
Ҳозирги Бош прокурор Отабек Муродов Рашид Қодировнинг “ноқонуний йиққан пуллари” давлатга қайтарилган тақдирда, у эркинликка чиқиши мумкинлигини айтиб ўтди. Одатда бу каби баёнотлар “пиар-қадам»дан бошқа нарса бўлмайди. Мирзиёев айтганидек, собиқ Бош прокурор ўз қилмишларини телевидение орқали ҳалққа айтиб бериши мумкин. Бир сўз билан айтганда мамлакатнинг барча телеканаллар орқали Қодировдан “тавба-тазурру” сўзларини кутиб қоламиз. Ўрин ўзгаргани билан натижа… Нафсилармни айтиш керак, прокурорлар нафақат ишдан олиняпти, билакс, улар ҳукуматнинг юқори эшелонларидаги турли лавозимларига ҳам тайинланмоқда. Масалан, собиқ Бош прокурор Бахтиёр Абдуллаев Давлат хавфсизлик хизматини бошқармоқда, собиқ Бош прокурор ёрдамчиси Муроджон Азимов Давлат божхона қўмитасига раҳбар этиб тайинланди. Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валюта жиноятлари ва ноқонуний даромадларни ўзлаштиришга қарши департамент бошлиғининг ўринбосари Вячеслав Пак Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари курсисини эгаллади, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Баҳодир Пўлатов Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланди.
Ихтиёр Абдуллаев. Xabar.uz сайти фотоси
«Ўзавтосаноат» акциадорлик компаниясидаги кадрлар ўзгаришига бироз тўхталиб ўтишга тўғри келади. Бу ерда ишдаги камчилик ва соҳадаги коррупциянинг авж олдиргани туфайли ишдан бўшатилган Умиджон Салимовнинг ўрнига Бош прокуратура ходими Шавкат Умурзоқов раис этиб тайинланди. У телевидение орқали берган биринчи интерьвюсида президент соҳанинг яхши ривожланишига тўсқинлик қилаётган ходимларни “халқ ва ватан равнақи учун жонбозлик кўрсатиб ишлайдиган ташаббускор ёшлар билан” алмаштиришга “алоҳида топшириқ” берганини айтди. Шу ўринда собиқ раис Салимовнинг «Ўзавтосаноат» янги раисига ўринбосар қилиб тайинлаши (унинг нима сабабдан ишдан олингани сабаблари инобатга олинса) - ғалати кўринади. Майли, Умурзоқовга қайтамиз. Унга, собиқ прокуратура ходимига Facebook-ҳамжамиятида “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш” мақоласи бағишланган. Материалда келтирилган барча фактларни санаб ўтишга ҳожат бўлмаса керак. Блог муаллифининг собиқ прокурор ҳақида унинг касбдошларини сўзларига таянган ҳолда баҳо бериши анчагина ғалати туюлади: «ичидан коррупция билан емирилган, касбий маҳорат ва ижобий хислатларга эга бўлмаган шахс». Агар блогер ёзган сўзларга ишонилса, Умурзоқов одамлар ичида “сариқ тулки” деган лақабни олган ва яқинда $700 мингга уй сотиб олган. Лекин уйнинг манзили келтирилмайди.
Шавкат Умурзоқов. Uzdaily.uz сайти фотоси
Инобатга олса арзийган мисол. Ўзбек ҳукуматининг Бош прокуратуранинг собиқ ва амалдаги ходимлари ёрдамида коррупцияга қарши кураши “асалариларнинг асалга қарши кураши” билан боғлиқ латифани эслатади. Президентнинг ўзи прокурорларни бўйнигача коррупцияга ботиб кетганини айтиб турган бир пайтда, улар мазкур иллатга қарши қандай курашар эканлар-а? Студент, ўқи, прокурор бўласан Албатта, прокурор ходимларининг 100 фоизини ишдан олиб, уларнинг ўрнини янги ходимлар билан янгилаш масаласи жозибали кўринади. Лекин бу ишни қилгандан кўра, у ҳақда гапириш осонроқдир. Ҳозирги тизимда қўлланилаётган ягона амалиёт: бу ҳам бўлса жиноий иш қўзғатиб, айбдор амалдорларни қамашдир. Лекин тизимни тўлиқ янгилашга ҳали эрта. Балки шунинг учун яхши прокурорларни талабалик пайтиданоқ тарбия қилишга уринишаётгани бежиз эмасдир. Бош прокурор Отабек Муродов ташкилотнинг эришган энг яхши ютуқларидан бири деб - Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети ва Қорақалпоғистон давлат университети билан имзоланган меморандумни мисол келтиради. «Меморандумга кўра, олий ўқув муассасаларида “Бўлажак прокурорлар” клублари фаолият юритади. Клубнинг асосий мақсади – талабалар орасидан бўлажак прокурорларни танлаб олишдир. Талабалар прокуратура фаолияти билан яқиндан танишиб, ўз тажрибаларини ошириб боришлари мумкин», – деб бўлажак кадрлар тайёрлаш ишларига урғу берди Муродов.
Отабек Муродов. Gazeta.uz сайти фотоси
У, шунингдек, жорий йилда прокуратура тизимига олий ўқув юртларини тамомлаган 400 нафар инсон жалб қилинишини айтди. Номзодларнинг ҳар бири билан суҳбат ўтказган Бош прокурор уларнинг дунёқараши бошқача экани ва уларнинг яхши мутахассислар бўлиб етишига умид қилади. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига оид ҳужжатда ташкилотнинг шаҳар, туман бўлимларидаги давлат ижрочиларини қўшиб ҳисоблаганда 3889 дона штат бирлигига эга экани айтилган. Бошқа сўз билан айтганда, МИБга ҳар йили 500 нафар ёш мутахассислар жалб этилган тақдирда ҳам уни тўлиқ янгиланиши учун бир саккиз йил керак бўлади. Нима бўлгандаям бир нарса аён: Ўзбекистон мамлакатда асосий назоратни ўрнатадиган орган деб - прокуратурани танлади. Албатта, бу қарорда етарлича хавотирга ўрин бор. Ташкилот қаҳри қаттиқ “Катта окахон” бўлармикан? “Окахон”нинг қудрати ўсиб, унинг ўзи янги суиистеъмолчиликларни келтириб чиқармасмикан? Балки, ҳукумат хоҳлаганидек йиллар ўтиб одамлар прокуратурага ишониб қолар, унинг ёрдамига таянар ҳам. Лекин ҳозирча бу умид мутлоқ утопик кўринади. Азиз Якубов “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги
