Тожикистонда маориф ходимларига расмий рухсатсиз чиқиш тақиқланди
Янги қоидалар шу йил февралда киритилди, тафсилотлари эса 27 май куни маълум бўлди. Масалан, энди чет элга ҳар қандай чиқишдан олдин Таълим ва фан вазирлиги ходимлари, мактаб директорлари ва олий ўқув юртларининг ректорлари ўз сафарини ҳокимият билан келишиб олиши зарур. Чет элга кетаётган шахслар 15 кун ичида сафар ҳақидаги барча тафсилотларни, шунингдек ТИВнинг ёзма қарорини тақдим этишлари шарт.
«Таълим муассасаларининг раҳбарлари ҳам ўз сафарини асослаб бериши, халқаро тадбирда ўзининг эҳтимол тутилган нутқи матнини Таълим ва фан вазирлиги раҳбарияти билан келишиб олиши зарур», - дейилади ҳужжатда.
Таълим соҳасининг ходимлари қайтиб келишгач, Таълим вазирлигига ёзма ҳисобот тақдим этишлари шарт. Шу қоидалар ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ўқитувчиларига ҳам тааллуқли – фақат ёзма рухсат олгандан кейингина, улар халқаро олимпиадалар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш учун сафар қилишлари мумкин.
Талабалар ва илмий тадқиқотчилар ҳам хорижда ўқишни давом эттириш ҳақида маълумотлар тақдим этишлари зарур. Агар чет элда бўлиш бир йилдан ортиқ давом этса, бундай ҳолларда таълим муассасаси илмий кенгашининг рухсатини олиш зарур бўлади.
Ҳужжатга кўра, олдинги сафарларда ахлоқсиз хулқ-атворда бўлганлиги фош этилган ёки оғир касалликлари бор бўлган таълим соҳаси ходимларининг чет элга бориш ва хизмат сафарларига чиқишга номзоди кўрсатилмайди. Фан ва таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, янги қоидаларнинг мақсади талабалар, аспирантлар ва ўқитувчиларнинг чет элга чиқишини тартибга солишдан иборат.
