Янги қурилаётган барча масжидлар яқинида автотураргоҳ бўлади
![Янги қурилаётган барча масжидлар яқинида автотураргоҳ бўлади](http://uza.uz/upload/iblock/f50/yangi_urilayetgan_barcha_maszhidlar_ya_inida_avtoturargo_b_l.jpg)
“Модомики, Аҳмедов ва унинг касбдошлари эзгу ишга қўл уришга қарор қилибди, барпо этилажак масжид ёнига ҳайдовчилар учун кўп қаватли автотураргоҳ қурдириш масаласига ҳам бефарқ бўлишмасин”
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов ва бошқа спортчилар пойтахтда масжид қуриш таклифи билан Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат этганликлари ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ташаббусни Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов қўллаб-қувватлаб, масжидни ҳозирда янги уйлар қурилиб аҳолиси кўпайиб бораётган Сергели туманида қурилиши мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб ўтган эди. Мазкур таклифга нисбатан футбол шарҳловчиси, журналист Диёр Имомхўжаев “daryo” интернет нашри орқали фикр билдирди. https://daryo.uz/uz/2018/05/18/avtoturargohli-masjid-yanada-chiroyli-masjid/?utm_source=Telegram_Bot
Мақолада, “Модомики, Аҳмедов ва унинг касбдошлари эзгу ишга қўл уришга қарор қилибди, барпо этилажак масжид ёнига ҳайдовчилар учун кўп қаватли автотураргоҳ қурдириш масаласига ҳам бефарқ бўлишмасин”, деб ёзади журналист.
Масжидга яқин автотураргоҳ бўлиши масаласи билан uza.uz мухбири шаҳар ҳокимиятига мурожаат этди. Шуҳрат Турдиқулов бу таклиф юзасидан қуйидаги фикрларни билдирди.
“Албатта, эндиликда қурилаётган барча масжидларга яқин (хавфсизлик юзасидан 150 метр узоқликда) автотурургоҳ бўлиши кўзда тутилган. Хусусан, Олмазор туманида янги барпо этилган Имом ат-Термизий масжиди яқинига ҳам автотураргоҳ қурилган. Бу масжид Рамазон ойи таровеҳ намози бошланишига 16 май куни фойдаланишга топширилди. Бундан кейин қурилаётган ҳар бир масжид атрофида ана шундай ҳудудлар бўлиши аниқ”.
Биз ҳокимликдан халқ орасида Кўкча номи билан машҳур бўлган Шайх Зайниддин жомеъ масжиди атрофидаги тирбандлик ҳақида ҳам қизиққан эдик. Бунга Шуҳрат Турдиқулов “Шайх Зайниддин” масжиди атрофида тирбандликни бартараф этиш учун фақатгина у ердаги хонадонларни кўчириб, ўрнига автотураргоҳ қуриш билангина эришиш мумкинлигини айтган эди. Ҳозирда масжид ёнида мавжуд бўлган автотураргоҳ ундан 150 метр узоқликда бўлмагани сабабли, хавфсизлик юзасидан бу ерда машина қолдиришга рухсат этилмайди.