Хонқа туманидаги аксарият боғчалар таъмирга муҳтож
Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этиш оддий фуқаролар ҳаёти фаровонлигини таъминлашнинг самарали механизмига айланди.
Айни пайтда парламент қуйи палатаси депутатлари ҳар вилоятнинг бир туманида ўрганишлар ўтказиб туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа ҳамда тиббиёт тизимидаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишмоқда. Бу ҳақда миллий ахборот хизмати ахборот бермоқда.
Парламент қуйи палатаси расмий веб сайтида маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари С.Отамуратов бошчилигидаги Хоразм вилоятидан сайланган депутатлар Хонқа туманидаги бир қатор ижтимоий соҳа объектларида бўлди.
Ўрганишлар доирасида дастлаб Хонқа туман тиббиёт бирлашмаси, 50-оилавий поликлиника ва Янги Ҳаёт қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, амбулатор ҳамда патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам ва стационар хизмати, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник ҳолати, кадрлар билан таъминланганлик даражаси, зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, шу жумладан ускуналар, лаборатория воситаларининг мавжудлиги, ижтимоий дорихоналар фаолияти ўрганилди, тизимдаги мавжуд камчиликлар юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар натижасида аниқланишича, туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам хизматида 8 та автомашина мавжуд бўлиб, 2 тасининг ҳолати қониқарсиз, яна 5 та автомашинага эҳтиёж бор. Тиббиёт бирлашмасининг моддий техник базаси эскирган. Лапроскопия аппаратига эҳтиёж бор. Шифохонадаги санитар аҳвол қониқарсиз. Мавжуд ҳолатларни бартараф этиш мақсадида мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда бир қатор амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Шундан сўнг, мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилиб, 4-Дўмбоқча, 6-Навбаҳор, 7-Гулшан, 15-Булбулча мактабгача таълим муассасаларидаги шароит кўздан кечирилди. Туман ҳудуддидаги 30 та МТМларнинг аксарияти капитал таъмирга муҳтож эканлиги, болаларга овқат бериш сифатини талаб даражасида эмаслиги, бирламчи зарур дориларнинг етарли эмаслиги танқидий таҳлил этилиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида туман мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурига бир қатор таклифлар тайёрланди.
Шунингдек, савдо объектларидаги аҳоли учун яратиб берилган шароит, нарх-навонинг барқарорлигини, пластик орқали савдо қилиш хизмати ҳолатини ўрганиш мақсадида Хонқа деҳқон бозори, Хонқа буюм бозори, Хонқа савдо мажмуаси, Хонқа Маркет каби бир қатор савдо объектларига ташриф буюрилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган муаммолар туман, вилоят, республика миқёсида ҳал этилишига қараб сараланади ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилади.
