Ёшлар иттифоқи талабалар контрактининг 35 % тўлаб беради
2018 йил 10 январь куни Адлия вазирлигида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланган.
Ҳужжатда, тўлов-контракт суммасининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бакалавриат ёки магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларга тўлаб бериши кўрсатилган.
Бунинг учун тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талаба, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлиши, ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши, шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаши лозим бўлади.
Ҳар йили 10 февралдан 15 февралга қадар олий таълим муассасасининг Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади.
Бунда Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларни тавсия этишда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаолиятидаги иштироки, олимпиадалар ва спорт мусобақаларидаги натижалари, ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари, илмий ва ижодий фаолияти натижаларини инобатга олади.
Қўшимча тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам иккинчи босқичдан бошлаб кўрсатилади.
